Қатардаги чиқиши чоғида Трамп Apple’ни танқид қилиб, «Мен сизнинг Ҳиндистонда завод қуришингизни истамайман», деди. Унга кўра, Ҳиндистондаги юксак тарифлар АҚШ маҳсулотларининг бозорга киришини мураккаблаштирмоқда.
Apple сўнгги йилда Ҳиндистондаги ишлаб чиқариш ҳажмини 60 фоизга ошириб, 22 млрд долларлик маҳсулот йиғган. Компания келаси йил охиригача iPhone’ларнинг асосий қисмини айнан Ҳиндистондан экспорт қилишни режалаштирган.
Бу ҳаракат нафақат Хитойдаги локдаунлар, балки Трамп бошлаган тарифлар урушидан келиб чиққан. Apple айни пайтда iPhone’ларни асосан Хитойда йиғади, АҚШда эса смартфонлар ишлаб чиқарилмайди.
Трамп Apple’дан ишлаб чиқаришни АҚШда кенгайтиришни талаб қилмоқда, бу орқали у иқтисодий миллийчилик сиёсатига содиқ эканини яна бир бор кўрсатмоқда.