АҚШда 11 та ишлаб чиқариш корхонасига эга бўлган Toyota ҳар йили 1,2 миллион автотранспорт воситасини хориждан олиб киради. Ушбу уловлар қаторида Prius, 4Runner ва Lexus моделлари ҳам бор. Аммо 2 апрелдан 25 фоизлик бож жорий этилиши ва 3 майдан эҳтиёт қисмларга ҳам 25 фоизлик тариф кучга кириши компания харажатларини кескин оширди.
Президент Доналд Трамп Toyota’ни АҚШ билан савдо мувозанатини бузувчи етакчи компаниялардан бири сифатида тилга олган. Компания Кентукки ва Миссисипидаги заводларини тўлиқ қувватда ишлатмоқда, аммо Япониядан моделларни кўчириш ишлаб чиқариш салоҳияти чеклангани учун имконсиз ҳисобланади.
Toyota 2020 йилдан буён АҚШга $21 млрд сармоя киритган. Шунингдек, компания Шимолий Каролинада янги аккумулятор заводини қурмоқда, Corolla гибрид моделларини Япониядан АҚШга кўчирмоқда ва Алабамада Mazda билан қўшма завод очган. Бироқ Канадага экспортда мураккабликлар юзага келмоқда.
Токио ҳукумати июнга қадар Вашингтон билан келишувга эришишга умид қилмоқда. Япон ОАВ маълумотига кўра, божлар сабаб айрим концернлар соат сайин 1 млн долларгача йўқотмоқда.
Toyota раҳбарияти АҚШ билан келишув бўлмаса, бу 2025 йилги молиявий кўрсаткичларга сезиларли салбий таъсир кўрсатишини маълум қилган.