2025 йил 15 май куни Президент томонидан «2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепцияси»ни тасдиқловчи қарор қабул қилинди. Унга кўра, 2030 йилгача мактабгача таълим муассасаларининг 3,3 миллионга яқин тарбияланувчилари ва умумий ўрта таълим муассасаларининг 4,2 миллион ўқувчиларида экологик билим ва маданият шакллантирилиши режалаштирилган.
Концепция 2027 йилдан бошлаб ҳар икки йиллик «йўл харитаси» асосида амалга оширилади. Давлат идоралари ходимлари учун бепул ўқув курслари ташкил этилади. Шунингдек, Ўзбекистон 1998 йилда Даниянинг Орхус шаҳрида қабул қилинган конвенцияга қўшилгани муносабати билан 2025 йил 1 декабрдан бошлаб атроф-муҳит мониторингига оид маълумотлар жамоатчиликка очиқ бўлади.
Ушбу базаларда дарахт экиш лойиҳалари, ўсимликларни кесиш бўйича аризалар, табиий ресурсларни ноқонуний ишлатган шахслар, чиқиндиларни қайта ишлаш ва санитар тозалаш фаолияти юритувчи корхоналар ҳақидаги маълумотлар мунтазам жойлаштириб борилади.
Шунингдек, «Яшил макон» лойиҳаси доирасида «Янги дарахт – янги нафас» номли экочемпионатлар, «Маҳаллани чиқиндидан холи ҳудудга айлантирамиз» шиори остида тарғибот тадбирлари ўтказилади. Илмий изланишларда экологик мавзулар алоҳида йўналиш сифатида танловга қўшилади. Олий таълим муассасалари талабалари иштирокида «эковолонтёрлар» ҳаракати ташкил этилади.
Экология соҳасидаги ёш олимлар ва чет элда таҳсил олаётган талабаларни бирлаштириш мақсадида «Эколог олимлар ҳамжамияти» номли нодавлат нотижорат ташкилоти ҳам ташкил этилади. Бу ташаббуслар орқали табиатни асрашга масъул ва фаол кадрлар тайёрлаш мақсад қилинган.
Аввалроқ мазкур қарор билан 2025 йил 1 августдан бошлаб экологик назорат инспекторлари қонунбузарлик ҳолатларини аниқлагандан сўнг 24 соат ичида «Ягона давлат назорати» тизими орқали чора кўришда тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор қилиши ҳақида хабар қилинган эди.