Молия вазирлиги томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, 2025 йилнинг май ойи кўрсатгичлари бўйича Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети бўйича даромадлар ва тушумлар 9 трлн 930,1 миллиард сўмни ташкил этди.
Шу билан бирга, кўрсатилган даврда умумий давлат бюджети харажатлари 19 трлн 984,1 млрд сўмга етди. Бу эса даромад ва харажатлар ўртасида деярли 10 трлн сўмлик фарқ борлигини кўрсатади.
Мазкур харажатлар таркибида давлат мақсадли жамғармаларига ўтказилган трансферлар ҳам инобатга олинган. Бу ҳолат бюджет харажатларининг асосий қисмини ташкил этаётганини англатади.
Молия вазирлигига кўра, харажатлар ҳажмининг юқорилиги жорий ижтимоий ва иқтисодий дастурларни амалга ошириш, бюджет ташкилотларининг харажатларини молиялаштириш, шунингдек, аҳолига қаратилган ижтимоий ёрдам ва ижтимоий хизматлар билан боғлиқ харажатлар ҳисобига шаклланган.
Даромад қисми эса асосан солиқлар, божхона тўловлари ва бошқа мажбурий тўловлар ҳисобидан шаклланган. Шундай бўлса-да, харажатлар ҳажмининг даромаддан анча юқори эканлиги давлат бюджетидаги тақчиллик муаммоси давом этаётганини кўрсатади.