Анадолу агентлигининг хабар беришича, сўнгги 24 соат ичида Исроил ҳарбийлари Ғазо сектори бўйлаб турли ҳудудларга кенг кўламли ҳаво зарбалари амалга оширди. Ҳужумлар доирасида Хон Юнус шаҳридаги аҳоли яшайдиган уйлар ва вақтинчалик чодирларга берилган 14 та зарба натижасида 15 нафар тинч фуқаро ҳалок бўлди.
Жабалия қочқинлар лагерининг ғарбий қисмида, ал-Фалужа бозори яқинидаги фуқаролик ҳудудига йўналтирилган зарба оқибатида яна 5 киши қурбон бўлгани қайд этилди. Ғазо шаҳридаги ал-Ярмук маҳалласидан эса 2 кишининг жасади топилган.
Секторнинг марказида жойлашган Дайр-ул-Балаҳ ва Нусайрат лагерларига йўлланган зарбалар 8 фуқаронинг, жумладан, 3 бола ва бир аёлнинг ҳаётига зомин бўлди. Шунингдек, Хон Юнус шимолидаги ал-Карара ҳудуди Исроил артиллерияси томонидан ўққа тутилди. Наср шифохонаси яқинидаги ҳимояланган ҳудуд ҳам зарбага учради, аммо бу ерда қурбонлар қайд этилмади.
Исроил армияси Ғазо секторида ердан тўлиқ қуролли операция бошлаганини эълон қилди. «Оккупацияни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш» мақсадида амалга оширилаётган ушбу ҳаракатлар доирасида фаластинликлардан жанубга эвакуация қилиш талаб қилинмоқда. Ҳудудларга огоҳлантирувчи варақалар тарқатилмоқда.
БМТ ва халқаро ташкилотлар мазкур ҳарбий операция кенгайиши инсонпарварлик инқирозини янада чуқурлаштириши мумкинлигидан огоҳлантирди. Сунъий йўлдошдан олинган суратларида Рафаҳда вақтинчалик ҳуманитар лагерлар барпо этилаётгани акс этган.
Расмий маълумотларга кўра, 7 октябрдан буён Ғазода ҳалок бўлган фаластинликлар сони 53 минг 339 нафарга, яраланганлар сони эса 121 минг 34 нафарга етган.