Жаҳон банкининг халқаро тараққиёт уюшмаси (IDA) Сурияни янада қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Банкнинг биринчи лойиҳаси мамлакатда электр таъминотини яхшилашга қаратилган бўлиб, бу соғлиқни сақлаш, таълим ва сув таъминоти каби муҳим хизматларни тиклашда асосий омил ҳисобланади, деб ёзмоқда Al-Jazeera.
Бу қарор АҚШ президенти Доналд Трампнинг Сурияга нисбатан санкцияларни бекор қилиш ҳақидаги баёноти билан ҳамоҳанг келди. У Саудияда бўлиб ўтган GCC саммити доирасида Сурия президенти Аҳмад аш-Шаръа билан учрашди. Бу икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги сўнгги 25 йилдаги биринчи учрашув бўлди.
Халқаро валюта жамғармаси (IMF) ҳам Сурия билан ҳамкорликни тиклади ва 14 йил ичида биринчи марта мамлакатга миссия раҳбарини тайинлади. IMF ва Жаҳон банкининг апрел ойида Вашингтонда бўлиб ўтган учрашувида Сурия иқтисодиётининг оғир аҳволи муҳокама қилинди ва уни тиклаш бўйича ҳамкорлик қилишга келишилди.
Экспертлар бу ўзгаришлар Суриянинг халқаро молиявий тизимга қайта интеграциясида муҳим қадам бўлиб, мамлакат иқтисодиётини тиклаш ва ривожлантиришга ёрдам беради, деб ҳисобламоқда.