Марказий банк қоида бузган 6 та банкни жаримага тортди

19.05.2025 17:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Марказий банкнинг апрел ойи назорат йиғилишида жисмоний шахсларга ҳисобварақ очишда қоидаларни бузган 6 та банкга жарима санкцияси қўлланилди. Яна 5 ташкилот ҳам жазоланди.

Markaziy bank3

Ўзбекистон Марказий банкининг Банк назорати қўмитаси 2025 йил апрел ойидаги йиғилишларида жами 45 та назорат масаласини кўриб чиқди. Улар ичида жисмоний шахсларга ҳисобварақ очиш ва рўйхатдан ўтказиш бўйича талабларни бузгани учун 6 та банкга нисбатан жарима санкцияси қўлланилди.

Шунингдек, 3 та ломбард ва 2 та микромолия ташкилоти ҳам шундай ҳуқуқбузарлик учун жарималанди. Марказий банк айнан қайси банклар ва ташкилотларга жарима қўлланилганини очиқламаган.

Қўмита йиғилишида умумий ҳисобда 26 та рўйхатга олиш ва рухсат бериш масаласи кўрилди. Булар қаторида 4 та банк уставига ўзгартиришлар, 5 та янги микромолия ташкилотини рўйхатдан ўтказиш ва 1 та субъектга улуш эгаллаш учун рухсат бериш ҳам бор.

Бундан ташқари, 15 та ҳолатда тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқарув лавозимларига номзодлар кўриб чиқилди. 1 нафар мутахассисга аудит ўтказиш сертификати берилди.

Молиявий барқарорлик ва кўрсатмаларга риоя этилиш бўйича 19 та масала муҳокама қилинди. Ушбу муҳокамаларда тижорат банклари ҳамда микромолия ташкилотлари фаолиятидаги баъзи камчиликлар аниқланди.

Шунингдек, устав капитали ва юридик мақоми бўйича талабларни бузган 1 та тўлов тизими оператори ва 3 та тўлов ташкилоти огоҳлантирилди.