Халқаро миграция ташкилоти ва Жаҳон банки маълумотларига кўра, Россияга йўл олувчи Марказий Осиёдан келаётган меҳнат муҳожирлари сони кескин камайган. Бунинг асосий сабаби — Россияда миграция қоидаларининг кучайтирилиши бўлиб, бу Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон иқтисоди учун жиддий хавотир уйғотмоқда.
Шу билан бирга, мигрантларнинг пул ўтказмалари ҳали ҳам иқтисодиётда муҳим ўрин тутаётгани таъкидланмоқда. 2024 йилда Тожикистон 5,8 млрд, Қирғизистон эса 2,9 млрд доллар пул ўтказмалари қабул қилди. Бу кўрсаткичлар ҳатто баъзи ҳолатларда ўсиш қайд этилганини кўрсатади.
Россияда эса аҳоли сони камайиб, меҳнат бозорида танқислик кучаймоқда. 2025 йилнинг биринчи чорагида туғилиш даражаси XVIII аср кўрсаткичига тушиб кетган. Президент матбуот котиби Дмитрий Песков буни «миллат келажаги учун жиддий таҳдид», деб атади.
Шу сабабли, Россия бошқа ҳудудлардан — хусусан, Африка ва Шимолий Кореядан ишчи кучини жалб қилиш масаласини кўриб чиқмоқда. 2024 йилда КХДР фуқароларининг Россияга кириши 2023 йилга нисбатан 12 баробарга ортган.