Сурхондарё вилояти ҳокимлиги хабар беришича, Dongfeng Motor Groupнинг таркибига кирувчи Dongfeng Liuzhou Motor Co., Ltd делегацияси вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов билан учрашди. Мулоқотда Цингдао автомобил тадқиқот институти вице-директори Фу Ҳао ҳам иштирок этди.
Томонлар лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини чуқур ўрганиш ва амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилиш учун мутахассислар иштирокида кенгайтирилган музокаралар ўтказишга келишиб олди.
Учрашувда хитойлик компания ўзининг электр фургонлари, мини юк машиналари ва кўп мақсадли транспорт воситалари (MPV) моделларини тақдим қилди.
Маълумот учун, жорий йил январ ойида Asaka Motors заводида Wuling N111 минивени ишлаб чиқариш бошланган. 7 ўринли ушбу авто 2012 йилдан буён Хитойда Sunshine номи билан чиқарилади.
Шунингдек, май ойи бошида Президент Шавкат Мирзиёев Damas ишлаб чиқариш заводи базасида арзон минивенлар тайёрлашни бошлаш режаси ҳақида маълум қилди. Евро-5 стандартига мос келадиган ва 7 киши сиғадиган мазкур автомобилни йиғиш лойиҳасига $100 млн сарфланади. 2026 йилда йирик агрегатлар йиғилиши (SKD), 2027 йилдан эса тўлиқ ишлаб чиқаришга ўтиш кўзда тутилган.
Шу билан бирга, Spot’нинг ёзишича, апрел ойида енгил автомобиллар сотуви 20 фоизга ошган.