Биринчи босқичда Чилонзор йўналишининг Пушкин бекатидан Мирзо Улуғбек туманидаги Феруза маҳалласигача мавжуд темир йўлга параллел равишда ер юзасида метро қурилиши режалаштирилган. Иккинчи босқичда эса ушбу йўналиш Тошкент трактор заводи ҳудудидаги Шоҳ бекатигача узайтирилади.
Президент лойиҳани амалга оширишда маблағ ва қулайлик жиҳатидан унумли ёндашиш талабини қўйган. Шунга мос равишда янгиланган таклиф ишлаб чиқилган ва техник ҳамда амалий жиҳатлари тақдимотда кўриб чиқилган.
Ҳозирда ушбу ҳудуддан пойтахт марказига кунига 47 минг автотранспорт воситаси ва 194 минг йўловчи кириб келади. Янги метро йўналиши орқали ҳар куни 85 мингга яқин йўловчига хизмат кўрсатилиши режалаштирилмоқда.
Президентга берилган маълумотларга кўра, бу лойиҳа шаҳар транспорт тизимини енгиллаштириш, аҳолига қулайлик яратиш ва атроф-муҳитга бўлган таъсирни камайтиришга хизмат қилади.