Хитой орбитада сунъий интеллект лойиҳасини бошлади

19.05.2025 17:15 | 2 дақиқада ўқилади.

Хитой сунъий интеллектга асосланган илк сунъий йўлдошларини учириб, орбитада глобал ҳисоблаш тармоғини яратишга қадам қўйди. Лойиҳа доирасида 2800 та йўлдош ишга туширилиши кўзда тутилган.

Ship

The Verge’нинг ёзишича, ADA Space компанияси ташаббуси билан учирилган 12 та илк сунъий йўлдошнинг ҳар бири 8 миллиард параметрли сунъий интеллект модели билан жиҳозланган.

Улар сониясига 744 триллион операция бажариш қобилиятига эга. Бу қурилмалар ҳозирда жами 5 квадриллион операцияни қайта ишламоқда. Якунда бу кўрсаткич 1000 POPS — сониясига 1000 квадриллион операцияга етказилиши режалаштирилган.

Сунъий йўлдошлар ўзаро 100 Гбит/с тезликда маълумот алмашиш имкониятига эга бўлиб, 30 ТБ умумий хотирага эга. Уларнинг бортда мустақил равишда маълумотни қайта ишлаш имкони ерости станцияларига боғлиқликни камайтиради.

«Бу нафақат вақтни тежайди, балки таҳлил сифатини ҳам оширади. Айни пайтда ерга етказилаётган маълумот ҳажми 10 фоиздан камни ташкил этмоқда», деб ёзади South China Morning Post.

Бу лойиҳа орқали Хитой сунъий интеллектни глобал фазовий тизимларга жорий этишда янги босқични бошлади.