Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотига кўра, «Янги Ўзбекистон» массивларида жорий йилда 14 минг 854 та хонадонли уй-жойлар қурилиши якунланиб, фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда вазирлик бошқарма бошлиғи Жавоҳирбек Амонов маълум қилди.
Уй-жой билан таъминлаш бўйича ишлар Ўзбекистон Президентининг 2024 йил 30 апрелдаги ПФ-70-сонли Фармони асосида амалга оширилмоқда. Ушбу фармон билан бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг асосий параметрлари белгилаб берилган.
2025 йилда 100 мингта хонадон қуриш режалаштирилган бўлиб, бу борада кўп қаватли уй-жойлар қурилишида иштирок этаётган ташкилотларнинг айланма маблағлари республика бюджети ҳисобидан қоплаб берилмоқда. Шунингдек, тижорат банклари ажратган ипотека кредитлари давлат томонидан қайта молиялаштирилмоқда.
Бундан ташқари, даромади паст ва уй-жойга муҳтож 20 минг нафар фуқарога давлат томонидан субсидиялар ажратиш белгиланган. Ушбу чора-тадбирлар орқали аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш мақсад қилинган.