2030 йилгача қора металлургия маҳсулотлари 7,8 млн тоннага етказилади

20.05.2025 13:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда қора металлургия саноатини ривожлантириш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган янги стратегия қабул қилинди. Унга кўра, темир маъданлари қазиб олиш 7,2 миллион тоннага, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми эса 7,8 миллион тоннага етказилади.

Qora metallurgiya

Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги қора металлургия соҳасини 2030 йилгача ривожлантириш бўйича стратегия ишлаб чиқди. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда вазирлик бошқарма бошлиғи Мақсуд Болибеков маълум қилди. Унга кўра, мазкур стратегия Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 30 январдаги фармони асосида қабул қилинган.

Ҳужжатда хомашё базасини кенгайтириш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, инвестицияларни ошириш, ESG стандартларини жорий этиш ва инновацион ечимлардан кенг фойдаланиш каби устувор йўналишлар белгиланган. Шу билан бирга, мутахассислар малакасини ошириш ва бозор механизмларини ишлаб чиқиш ҳам кўзда тутилган.

Чиғатой, Кенес, Мингбулоқ, Чуянкон ва Вахшивар каби темир маъданли майдонларда изланишларни якунлаш, Сюренота ва Тебинбулоқ конларини ўзлаштириш режалаштирилмоқда. Ёпиқ даврли технологиялар, чиқиндиларни қайта ишлаш ва “яшил пўлат” концепциясини амалиётга татбиқ этиш муҳим вазифалардан саналади.

2025–2030 йиллар оралиғида чоксиз қувурлар, автомобил саноати учун махсус пўлат листлар ва бошқа юқори қийматга эга маҳсулотларни ишлаб чиқариш режалаштирилган. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида кооперация йўлга қўйилади, соҳадаги муаммоларни тезкор ҳал этиш механизмлари яратилади.

Стратегия натижасида 2030 йилгача темир маъданлари қазиб олиш 7,2 миллион тонна, қора металлургия маҳсулотлари ишлаб чиқариш эса 7,8 миллион тоннага етказилиши кўзда тутилмоқда. Шунингдек, 10 та йирик лойиҳа амалга оширилади, 1,7 миллиард долларлик хорижий инвестиция жалб қилинади ва 5 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади.