22 давлат Исроилни Ғазодаги қамални бекор қилишга чақирди

20.05.2025 08:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Европа ва Осиёнинг 22 давлати, жумладан Франция, Германия, Буюк Британия ва Япония Исроилни Ғазо секторидаги блокадани тўлиқ бекор қилишга даъват этди. Улар қисман енгиллаштиришни етарли деб ҳисобламай, буни инсонпарварлик ёрдамининг самарали етказилишига тўсқинлик қилаётган чора, деб атади.

Gaza blokada

Қўшма баёнотда таъкидланишича, Исроил икки ойдан ортиқ вақтдан бери ёрдам етказишни тўсиб келмоқда, Ғазода озиқ-овқат, дори-дармон ва биринчи зарур воситалар тугаган, аҳоли очлик хавфи остида қолмоқда. Баёнотда «аҳолига уларга керак бўлган ёрдамни етказиш лозим» дейилади, TRT-Global хабарида.

Америка Қўшма Штатлари ва Исроил томонидан қўллаб-қувватланаётган «қисман енгиллаштириш» режаси ҳам танқид остига олинган. Унда бу режа ёрдам етказиш самарадорлигига путур етказиши, БМТ ва бошқа ташкилотлар фаолиятини чеклаши, инсонпарварликни сиёсий ва ҳарбий мақсадларга боғлаши қайд этилган.

Баёнотда Исроилдан икки талаб илгари сурилди: ёрдамни тўлиқ ҳажмда қайта бошлаш ва БМТ ҳамда инсонпарвар ташкилотларга мустақил фаолият юритишга шароит яратиш.

Баёнот Австралия, Германия, Британия, Ирландия, Испания, Италия, Канада, Япония, Эстония, Финландия, Португалия, Нидерландия, Швеция ва бошқа қатор давлатлар ташқи ишлар вазирлари ҳамда Евроиттифоқнинг ташқи сиёсат бўйича вакили томонидан имзоланган.