20 май куни нефт нархлари жиддий ўзгаришсиз қолди. Лондон ва Ню-Йорк бозорларида савдо фаоллиги паст бўлиб, инвесторлар Эрон ва АҚШ ўртасидаги музокаралар тақдири, шунингдек, Хитойнинг иқтисодий ўсишига оид маълумотларни баҳоламоқда.
Лондон вақти билан 14:00да Brent нефти фючерслари 0,14 фоизга арзонлашиб, ҳар бир баррели 65,45 доллардан баҳоланди. WTI маркасининг фьючерслари эса 0,24 фоизга тушиб, 62,54 долларни ташкил қилди. Июл ойига мўлжалланган шартномалар ҳам 62,06 долларгача пасайди.
Эрон раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий музокараларнинг самараси бўлишига шубҳа билдирди. Тегеран ҳозирда бешинчи босқич музокараларни ўтказиш таклифини кўриб чиқмоқда. Агар келишув амалга ошса, Эронга нисбатан санкциялар енгиллашади ва у кунлик 300-400 минг баррел нефт экспорт қилиш имконига эга бўлади.
Шу билан бирга, АҚШ президенти Доналд Трамп Европа Иттифоқи томонидан Россияга нисбатан таклиф этилган янги санкцияларга қўшилишга тайёр эмаслигини билдирди. Бу фикр Brent нархининг кўтарилишини чеклади.
StoneX таҳлилчиси Алекс Ходсга кўра, Россия-Украина низосининг яқин вақт ичида ҳал этилиши эҳтимоли паст. Россия ОПЕК+ гуруҳи доирасида ўз мажбуриятларини ҳамон бажармоқда, бу эса нефт бозоридаги келгуси ҳаракатларга таъсир кўрсатиши мумкин.
Хитойда ишлаб чиқариш ва чакана савдо кўрсаткичларининг пасайиши ҳам нефт нархларига босим ўтказмоқда. Иқтисодий ўсиш суръати пасайиши глобал ёқилғи талабини камайтиради, бу эса нархларга салбий таъсир кўрсатади.