Дарахт кесиш учун берилган аризаларни онлайн кузатиш мумкин

20.05.2025 16:00 | 2 дақиқада ўқилади.

2025 йил 1 декабрдан бошлаб дарахт кесишга рухсат сўраётган шахслар ва уларнинг мурожаатлари ҳақидаги барча маълумотлар оммавий портал орқали жамоатчиликка тақдим этилади. Бу жараён Президент қарорига асосан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик шаффофликни ошириш мақсадида амалга оширилади.

Daraxt

Ўзбекистон Президенти қарори билан 2030 йилгача аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепцияси тасдиқланди. Мазкур ҳужжатга кўра, Экология вазирлиги 2025 йил 1 декабрдан бошлаб дарахт кесиш билан боғлиқ барча аризалар, жамоат эшитувлари ва уларнинг натижаларини онлайн тарзда эълон қилиб бориш мажбуриятини олади.

Яъни, қандай шахс дарахт кесиш учун ариза бергани, у қаерда жойлашгани, қанча ва қайси турдаги дарахтни кесишни режалаштираётгани, шунингдек жамоат эшитуви қачон ва қаерда ўтказилаётгани ва унда қандай хулосалар чиқарилгани ҳақидаги маълумотлар очиқ порталда жойлаштирилади.

Қарорга мувофиқ, ноқонуний тарзда дарёлардан шағал ва қум қазиб олаётган шахслар ҳақидаги маълумотлар ҳам очиқланади. Бу орқали фуқаролар атроф-муҳитга етказилаётган зарарлардан хабардор бўлиши ва ҳуқуқбузарларга нисбатан жамоатчилик назорати кучайтирилиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, «Яшил макон» лойиҳаси доирасида экилган дарахтлар, уларнинг жойлашуви, парваришга масъул шахслар ва кўчат турлари ҳақидаги маълумотлар ҳам очиқ манбаларда эълон қилинади.

Бундан ташқари, чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш фаолияти билан шуғулланувчи ташкилотлар, уларнинг манзиллари, телефон рақамлари ва масъул шахслари ҳақидаги ахборотлар ҳам кенг жамоатчилик учун очиқ бўлади. Бу чоралар орқали мамлакатда экологик масалаларда аниқлик ва шаффофлик таъминланиши мақсад қилинган.