Энди пенсиялар тўғридан тўғри тайинланади

20.05.2025 16:15 | 2 дақиқада ўқилади.

Янги қонунга асосан, пенсия ёшига етган фуқароларга ёшга доир пенсия «проактив шаклда» — мурожаат талаб қилинмасдан тайинланади. Шу билан бирга, фуқаро тайинланган пенсияни рад этиш ҳуқуқига эга.

Pensiya

2025 йил 19 май куни қабул қилинган «Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун (ЎРҚ-1066-сон) билан «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунга муҳим ўзгартишлар киритилди. Эндиликда, фуқаролар ёшга доир пенсияга чиқиш учун алоҳида ариза бермасдан, ушбу ҳуқуқ автоматик равишда амалга оширилади.

Яъни, пенсия ёшига етган фуқароларнинг маълумотлари ахборот тизимлари орқали аниқланиб, уларга мурожаатсиз пенсия тайинланади. Бу жараён «проактив» шаклда амалга оширилади.

Шу билан бирга, агар фуқаро тайинланган пенсия миқдоридан норози бўлса ёки ишлашни давом эттириб, кейинчалик пенсияга чиқишни истаса, уни рад этиш ҳуқуқига эга.

Бунда фуқаро хабарномани олган кундан бошлаб 10 кун ичида Пенсия жамғармаси бўлимига, ёки Давлат хизматлари маркази, ёхуд ЯИДХП (my.gov.uz) орқали ариза ёки сўровнома билан мурожаат қилиши лозим.

Пенсия тайинлаш ёки рад этиш бўйича ариза ва сўровномалар 10 кун муддатда кўриб чиқилади. Пенсия тайинлаш эса фуқаро белгиланган ёшга етган куннинг ўзида амалга оширилади.

Мазкур янгилик фуқаролар учун давлат хизматларини автоматлаштириш, шаффофлик ва қулайликни оширишга қаратилган навбатдаги қадам сифатида баҳоланмоқда.