Европа Иттифоқи Россия нефтига қўйилган нарх чегарасини пасайтиришни таклиф қилмоқда

20.05.2025 11:08 | < 1 минуты

Европа Иттифоқи Россиядан харид қилинадиган нефть нархининг юқори чегарасини 60 доллардан 50 долларга туширишни таклиф этмоқда. «Reuters» агентлигининг хабар беришича, бу масала 20–22 май кунлари Канадада бўлиб ўтадиган G7 молия вазирлари учрашувида муҳокама қилинади.

Yevropa ittifoqi rossiya nefti

Таклиф Украинада давом этаётган уруш муносабати билан Россияга қарши янги иқтисодий босим чоралари доирасида илгари сурилмоқда. Еврокомиссия вице-президенти Валдис Домбровскис ҳам ушбу ташаббусни тасдиқлаб, чегарани пасайтириш янги санкциялар пакетининг бир қисми эканини маълум қилган.

Гарчи Домбровскис аниқ нархни тилга олмаган бўлса-да, «Reuters» манбаларига кўра, 50 долларлик чегара асосий муҳокама мавзуси сифатида кўрилмоқда. Ғарб мамлакатлари аввалроқ, 2022 йилда Россия нефти учун 60 долларлик чегара жорий қилган эди.

Мазкур чекловлар Россиянинг нефт экспортидан оладиган даромадини қисқартириш ҳамда унинг ҳарбий харажатларини чеклаш мақсадини кўзлайди. Агар таклиф қабул қилинса, Европа Иттифоқи Москвага нисбатан иқтисодий босимни янада кучайтиради.