Ғазо ҳукумати Ғарбни геноцид иштирокчиси эканликда айблади

20.05.2025 08:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Ғазо ҳукумати халқаро ташкилотлар ва ОАВга мурожаат билан чиқиб, Ғазода амалга оширилаётган геноцидни зудлик билан тўхтатишга чақирди.

Genocide

Ғазо ҳукумати медиа-офиси тарқатган баёнотда Ғарб давлатлари – хусусан, АҚШ, Буюк Британия, Германия ва Франция Исроилнинг Ғазо секторидаги жиноятларига жим қараб туриш билан бирга, геноцидда бевосита ҳамкорлик қилмоқда, деб таъкидланган.

Ҳужжатда қайд этилишича, Исроил Ғазода соғлиқни сақлаш тизими вайрон бўлган, ёрдам етиб бормаётган бир пайтда миллионлаб аҳолига қарши бемаъни зўравонликни амалга оширмоқда. «2,4 миллиондан зиёд аҳоли муҳосара, қашшоқлик, очлик, чанқоқлик ва касалликлар билан курашмоқда. Бу эса халқаро ҳамжамиятнинг шармандали сукути ва инсонийликнинг инқирози фонида рўй беряпти», — дейилади баёнотда.

Ҳукумат БМТ ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи барча ташкилотларни Ғазодаги геноцидни тўхтатиш учун тезкор чоралар кўришга чақирди. Шунингдек, Исроил расмийларини ҳарбий жиноятлар учун халқаро судга тортиш талаби ҳам илгари сурилди.

Маълумотларга кўра, 2023 йил 7 октябридан бери Исроил армияси ҳужумлари оқибатида Ғазода 53 минг 339 фаластинлик ҳалок бўлган, 121 минг 034 нафар одам яраланган.