Ўзбекистон элчиси Фаррух Турсунов Испаниянинг «Banco Santander» банки ижрочи директори Игнасио Салдивар билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда «Dunyo» ахборот агентлиги хабар тарқатди. Томонлар икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари ва амалий йўналишлари юзасидан фикр алмашишди.
Музокарада Испания банкининг Ўзбекистон бозорида ўз фаолиятини кенгайтиришга, хусусан, мамлакатдаги муҳим лойиҳаларни молиялаштиришга бўлган қизиқиши қайд этилди. Шу мақсадда «Banco Santander» банк филиалини очиш таклифи билдирилди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон банклари учун тўғридан-тўғри кредитлаш ва кредит линияларини очиш имкониятлари муҳокама қилинди. Бундай ҳамкорлик йирик сармоявий ташаббусларни амалга оширишда қўшимча ресурслар манбасини яратади ҳамда кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун молиявий воситаларга етарлича имконият беради.
Мулоқотда инфратузилма ва саноат объектларини лойиҳавий молиялаштириш, шунингдек, энергетика соҳасидаги инновацион ечимлар масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Испания томони томонидан Олмалиқ кон-металлургия комбинати ҳамда «Solar Nature» МЧЖ билан ҳамкорликда амалга ошириладиган қуёш фотоэлектр станцияси лойиҳасини молиялаштиришга қизиқиш билдирилди. Музокаралар икки томонлама муносабатларни чуқурлаштириш, янги ҳамкорлик форматларини ишлаб чиқиш ва экспертлар даражасида маслаҳатлашувларни давом эттириш тўғрисидаги келишувлар билан якунланди.