Президентнинг «2025–2026 йилларда сайёҳлар оқимини кескин кўпайтириш ва туристик хизматлар кўламини жадал кенгайтириш орқали туризмнинг иқтисодиётдаги ўрни ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги (ПФ-87-сон) фармонига кўра, туризм соҳасини кенг қамровли ислоҳ қилиш ва тармоқнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш кўзда тутилган.
Фармонга мувофиқ, 2025 йил якунигача хорижий сайёҳлар сафарларини 15,8 миллион нафарга, туризм хизматлари экспортини эса 4 млрд долларга етказиш белгиланган. Шу билан бирга, ички туризмни рағбатлантириш орқали 40 миллион маҳаллий сайёҳ ташрифини ташкил этиш ҳамда қўшимча 378 та туроператор фаолиятини йўлга қўйиш мақсад қилинган.
Бундан ташқари, ҳар йили 30 ноябрга қадар келгуси йил учун ҳудудий туризмни ривожлантириш дастурлари ишлаб чиқилади. Шунингдек, 2025 йилдан бошлаб ҳар ноябрь ойининг 3-ҳафтасида Халқаро туризм ҳафталиги ташкил этилади.
Июнь ойидан «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида ҳар ойнинг иккинчи шанба ва якшанба кунлари «Оила ва жамоа билан саёҳатга чиқиш куни» сифатида белгиланиб, аҳоли ўртасида туризм маданиятини оммалаштириш кўзда тутилган.