Мулоқотда халқаро молия институтлари мутахассислари, шу жумладан соғлиқни сақлаш, давлат молияси, инфратузилма ва барқарор ривожланиш бўйича етакчи экспертлар иштирок этди. Ўзбекистон томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг юқори даражали вакиллари қатнашди.
Томонлар иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштириш ва молиявий қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини муҳокама қилди. Жумладан, Жаҳон банкининг «Натижага асосланган кредитлаш дастури» (PforR) каби замонавий воситаларни жорий этиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Жаҳон банки мутахассиси Мин Жао Хитойда ушбу дастурдан фойдаланиш тажрибасини тақдим этди. Ушбу механизм орқали миллий дастурлар самарадорлиги ошгани таъкидланди.
Учрашув якунида томонлар стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш борасида келишувга эришди.