Ўзбекистонда норасмий импортга қарши курашни кучайтириш таклиф қилинди

20.05.2025 12:45 | 2 дақиқада ўқилади.

Стратегик ислоҳотлар агентлиги норасмий товар айланмасини чеклаш ва нақд пулсиз ҳисоб-китобларни ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқмоқда. Мутахассислар фикрича, бозорларда арзон нархда сотилаётган маҳсулотларнинг асосий сабаби — норасмий импорт.

Nolegal import

Агентлик томонидан хорижий компаниялар билан ўтказилган учрашувда муаммони ҳал қилишнинг икки йўли таклиф этилди: биринчиси — норасмий импорт устидан назоратни кучайтириш, иккинчиси эса — ушбу маҳсулотларни электрон платформаларда қонуний савдога чиқаришга рухсат бериш.

Нақд пулсиз ҳисоб-китоблар улушини тўғри аниқлаш учун P2P ўтказмаларни ҳам статистикага қўшиш механизмини ишлаб чиқиш таклиф қилинди. Бу орқали картадан картага ўтказмалар расмий иқтисодий кўрсаткичларга киритилиши мумкин.

Шунингдек, банклар учун UzCard ва HUMO тизимларидаги мукофотлар халқаро тўлов тизимларидан камлиги таъкидланди. Шу боис, миллий ва халқаро тўлов тизимлари шартларини банклар учун тенглаштириш кераклиги илгари сурилди.

Йиғилишда «Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида»ги қонундаги эскирган атамалар, тариф ёндашувлари ва аниқлик йўқлиги муҳокама қилинди. Чегара орти тўловлар бўйича хизматлар ва воситачилик ҳақларини тартибга солувчи нормаларни аниқлаштириш режалаштирилмоқда.