Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмалари 32 фоизга ошди

20.05.2025 17:47 | 2 дақиқада ўқилади.

2025 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонга юборилган пул ўтказмалари ҳажми 3,3 миллиард долларга етди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 32 фоизга кўп, деб хабар беради Марказий банк.

Tashqi tushum

Марказий банкнинг пул-кредит сиёсатига оид шарҳига кўра, 2025 йилнинг январь–март ойларида хориждан амалга оширилган пул ўтказмалари ҳажми 3,3 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Солиштириш учун, 2024 йилнинг биринчи чорагида ушбу кўрсаткич 2,5 миллиард долларни ташкил қилган.

Ушбу ўсишнинг асосий сабаблари сифатида меҳнат мигрантлари оқимининг ортиши ва ҳамкор давлатларда, хусусан, Россияда миллий валюталарнинг мустаҳкамланиши таъкидланмоқда. Жумладан, январь ва февраль ойларида қарийб 1 миллиард доллардан маблағ юборилган бўлса, март ойида бу кўрсаткич 1,2 миллиард долларга етган — бу ойлик кўрсаткичлар орасида энг юқори даражалардан биридир.

Марказий банк маълумотларига кўра, ушбу маблағлар мамлакатдаги валюта тушумлари ва ички истеъмол бозорига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Ишчи мигрантлар фаол бўлган давлатларда иш ҳақи ва ишчи кучига талабнинг ортиши ҳам пул ўтказмалари ўсишида муҳим роль ўйнаган.

Шу муносабат билан, Марказий банк 2025 йил учун пул ўтказмалари бўйича ўсиш прогнозини 10–12 фоиздан 15–18 фоизгача қайта кўриб чиқди.

Шу билан бирга, экспертлар глобал иқтисодий секинлашув ва ҳамкор мамлакатлардаги валюта курсларининг ўзгарувчанлигини хавф омили сифатида қайд этмоқда.

Маълумот учун, 2024 йил якунида Ўзбекистонга юборилган пул ўтказмалари ҳажми 14,8 миллиард долларни ташкил этган бўлиб, бу 2023 йилга нисбатан 30 фоизга ёки 3,4 миллиард долларга кўпдир.