Бу ҳақда Кадастр агентлиги директори ўринбосари Мирсаид Мирмахсудов иштирокида АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди. Тизимнинг биринчи босқичида 2024–2025 йилларда жами 3799 та маҳаллада хатлов ўтказиш кўзда тутилган. Ҳозиргача 2000 та маҳалланинг чегараси аниқланиб, «UZKAD» ахборот тизимига киритилди.
Иккинчи босқичда 3 мингга яқин мутахассис 300 мингдан зиёд кўчмас мулк объектларини ўлчовдан ўтказди. Барча маълумотлар «Хатлов» ахборот тизимида сақланмоқда. Учинчи босқичда эса 219 мингдан ортиқ объект «UZKAD» тизимига кўчирилди — бу давлат томонидан кафолатланган ягона платформа ҳисобланади.
Тўртинчи босқичда 193 мингдан ортиқ объект «UZKAD»да фаоллаштирилди. Уларнинг ҳар бири учун 8 босқичли текширув ўтказилди ва 35 турдаги кўрсаткичлар тизимга киритилди.
Бешинчи босқич — мулкий ҳуқуқларни тан олиш жараёни. «Эътироф» ахборот тизими орқали 122 минг объект муҳокамага чиқарилди. 13 мингдан ортиғи жамоатчилик муҳокамасидан ўтди, 539 объектга ижобий хулоса берилди. 221 таси учун тўловлар амалга оширилди, 389 объект эса маҳаллий Кенгашлар қарори билан расмийлаштирилди.
Ушбу тизим нафақат ҳуқуқий кафолат, балки фуқаролар учун молиявий тенглик ва тадбиркорлик имконияти яратишда ҳам муҳим ўрин тутади.