Павел Дуров Францияни Руминия сайловларига аралашишда айблади

20.05.2025 14:15 | 3 дақиқада ўқилади.

Telegram асосчиси Павел Дуров Франция махсус хизматларини Руминиядаги президент сайловлари арафасида «консерватив овозлар»ни цензура қилишни сўрашда айблади. Франция расмийлари бу айбловларни рад этди, Москва эса уларни қўллаб-қувватлади.

Durov

Telegram асосчиси Павел Дуров 18 май куни, Руминияда президент сайловларининг иккинчи тури бўлиб ўтаётган вақтда, «X» ижтимоий тармоғида Франция разведкаси уни «консерватив овозлар»ни ўчиришга ундаганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу талаб Руминиядаги сайловлар арафасида юборилган.

Дуров Францияни тўғридан-тўғри тилга олмаган бўлса-да, «🥖» (батон нон) эмодзиси билан ишора қилиб, талаб айнан шу давлатдан келганини билдирди. У ўз баёнотида, “демократияни ҳимоя қилиш” баҳонасида сўз эркинлигини чеклашни кескин танқид қилди ва Telegram’да румин фойдаланувчиларнинг сиёсий каналлари блокланмаслигини таъкидлади.

Франция ташқи ишлар вазирлиги бу айбловларни «асоссиз» деб атади ва уларни «fake» деб белгилади. МИД, шунингдек, 2024 йил декабр ойидаги сайловлар Россия билан боғлиқ субъектлар томонидан бузилганини, буни ЕИ текширувлари ҳам тасдиқлаганини эслатди.

Кейинроқ Дуров Франция махсус хизматларининг раҳбари Николя Лернер ундан шахсан «консерватив овозлар»ни ўчиришни сўраганини маълум қилди. Ушбу учрашув 2025 йил баҳорида Парижда бўлганини айтган.

Ижтимоий тармоқда Elon Musk ҳам Дуровнинг баёнотини қўллаб-қувватлаб «Тингланг» деб жавоб берди. Россия ТИВ вакили Мария Захарова эса буни «демократия асосларига бевосита аралашиш» деб атади.

Бироқ журналист Христо Грозев Дуровни маълумотни нотўғри тақдим этганликда айблади. Унинг фикрича, Дуров Лернер билан учрашган пайтда Руминия сайловларига номзодлар ҳам ҳали расман эълон қилинмаган эди. Грозев Дуровни маълумотларнинг аниқ вақти ва моҳиятини очиқлашга чақирди.

Дуров кейинги постида Франция махсус хизматлари болалар порнографияси ёки терроризм эмас, балки асосан геосиёсий масалалар — Руминия, Молдова ва Украина билан боғлиқ каналлар устида назорат ўрнатишни кўзлаганини иддао қилди.