21 фоизли рекорд даражадаги ставка аллақачон олти ойдан зиёд вақт давомида ўзгармаган ҳолда қолмоқда. Бу, ўз навбатида, иқтисодий ўсиш суръатларига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Биринчи чоракда Россия ялпи ички маҳсулоти 1,4 фоизга ўсди — бу ўтган чоракда қайд этилган 4,5 фоизга нисбатан деярли уч баравар кам. Шу билан бирга, инфляция пасайишда давом этмоқда: мутахассислар 2025 йил апрель ойи бўйича инфляция даражасини 4,6–5,7 фоиз деб баҳоламоқда. Баъзи таҳлилчилар йил охиригача бу кўрсаткич 4 фоизга тушишини кутишмоқда, бу эса расмий прогнозлардан анча кам.
Молия вазирлиги фикрига кўра, инфляция паст бўлган шароитда юқори ставка сақланиши бюджетга икки каррали зарба беради: аввало солиқ тушумлари пасаяди, кейин эса давлат қарзини молиялаштириш харажатлари ошиб боради. Масалан, фақат имтиёзли ипотека учун 279 млрд рубл қўшимча маблағ ажратиш режалаштирилмоқда. Бу эса бюджети олдиндан пасайган давлат учун янада оғир юкдир.
Айни пайтда, Россия бюджети нефт ва газ даромадларининг камайиши билан юзма-юз келмоқда. Минфин хисоб-китобига кўра, улар 2025 йилда 2,6 трлн рублга қисқариши мумкин. Шу билан бирга, иқтисодий фаоллик ҳам секинлашмоқда. Раффайзенбанк таҳлилчилари ушбу ҳолат техник рецессия хавфини кўрсатмоқда, дейишмоқда.
Марказий банк 6 июн куни бўлиб ўтадиган навбатдаги йиғилишда «ҳар қандай қарор»ни қабул қилиши мумкинлигини маълум қилди. Кўплаб мутахассислар июл ойида ставка пасайтирилишини кутмоқда, аммо айрим оптимистлар пасайтириш июнданоқ бошланишини тахмин қилмоқда.
Аввалроқ Россия Марказий банки раҳбари Элвира Набиуллина «асосий ставкани пасайтириш — инфляция олдида таслим бўлиш», деган эди.