Россияда оилавий зўравонлик қурбони бўлган аёл ва унинг уч фарзанди Ўзбекистонга қайтарилди

20.05.2025 10:45 | 2 дақиқада ўқилади.

Аёл турмуш ўртоғи томонидан кучли босим ва таҳқирларга учраган ва ватанга қайтишга қарор қилган. Ўзбекистон бош консулхонаси ходимлари кўмагида Россиянинг Сургут шаҳрида оиладаги зўравонлик қурбонига айланган фуқаролар Ўзбекистонга қайтарилди, деб хабар қилмоқда «Dunyo» ахборот агентлиги. 

Rossiyadan olib kelingan oila

Мазкур оила 2024 йил май ойида вояга етмаган икки нафар фарзанд билан бирга Сургут шаҳрига келган. Оиланинг учинчи фарзанди шу шаҳарда туғилган. Жабрланувчининг турмуш ўртоғи Россия ҳудудида қонуний ҳужжатларсиз турли жойларда ишлаган.

«Оиладаги етишмовчиликлар, тайинли иш жойи ва даромаднинг йўқлиги сабабли келишмовчиликлар юзага чиққан. Кунора бўлаётган жанжалдан тоқати тоқ бўлган она болаларини олиб Ўзбекистонга қайтишга қарор қилган. Бундан хабар топган ота уларнинг паспортларини олиб қўйган», дейилади хабарда.

Дипломатлар зўравон ота — Қ.М.дан турмуш ўртоғи ва фарзандларининг ҳужжатларини олиб берган ва уларни Екатеринбург шаҳрига олиб келган. Шунингдек, И.М.нинг Россияда туғилган учинчи фарзандига ватанга қайтиш гувоҳномаси расмийлаштирилган.

Аёл ва унинг 3 нафар фарзанди 19 май куни Екатеринбург–Наманган авиайўналишига кузатиб қўйилган.