Тошкентда пиёдалар хавфсизлиги учун 2 млрд сўмдан ортиқ маблағ ажратилади

20.05.2025 19:02 | < 1 минуты

Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов жорий йилнинг 20 май куни «Маблағ ажратиш тўғрисида»ги қарорни имзолади. Қарорга мувофиқ, шаҳар бўйича пиёдалар ўтиш жойларини яхшилаш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ишларига 2 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади.

Toshkent

Маблағ Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан ажратилади ва манзилли рўйхат асосида шаҳар туманларидаги ободонлаштириш бошқармаларига тақсимланади. Ажратиладиган умумий маблағ 2 миллиард 44 миллион сўмни ташкил этади.

Белгиланган режага кўра, 1 миллиард 456 миллион сўмга жами 5600 метрлик темир панжаралар ўрнатилади. Бу чора пиёдалар йўлида юзага келадиган йўл-транспорт ҳодисаларини камайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Шунингдек, вояга етмаганлар ўртасида ЙТҲларнинг олдини олиш мақсадида қавариқ пиёдалар ўтиш жойлари қурилиши учун 588 миллион сўм ажратилади. Бу орқали болалар ва ўсмирлар ҳаракатланадиган ҳудудларда хавфсизликни ошириш режалаштирилган.

Ушбу чора-тадбирлар Тошкент шаҳар ҳокимлигининг йўл ҳаракатида пиёдаларнинг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган яна бир амалий қадами ҳисобланади.