Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан умумий ўрта, ўрта махсус ва касбий таълим муассасалари ўқувчилари бажариши мумкин бўлган енгил меҳнат турлари ва касблар рўйхати тайёрланди. Бу рўйхат Меҳнат кодексига мувофиқ ҳолда, болалар соғлиғи ва маънавий ривожига салбий таъсир қилмайдиган, шунингдек, ўқиш жараёнини бузмайдиган меҳнат фаолиятларини қамраб олади.
Ҳужжатда жами 40 та касб ва иш тури кўрсатилган. Унга кўра, ўқувчилар официант, сотувчи, сартарош, буюмларни қўлда жойлаш ва қадоқловчи, деҳқон хўжалиги аъзоси ёки енгил юк ташувчи сифатида ишлашлари мумкин. Бироқ бу ишлар муайян ёш ва жисмоний чекловлар билан амалга оширилади.
Хусусан, 16–18 ёшли ўқувчилар фақат қўлда юк кўтариш билан боғлиқ бўлган ишларга жалб этилиши мумкин. Бунда юк оғирлиги 4,1 килограммдан ошмаслиги шарт. Уларга арава ёки вагонетка билан юк ташишга рухсат этилмайди.
16 ёшгача бўлган болаларда эса қўлда юк кўтариш фаолияти иш вақтининг учдан бир қисмидан ошмаслиги лозим. Бу ҳолда ўғил болалар учун юк оғирлиги 6,5 килограммдан, қизлар учун эса 3,5 килограммдан кўп бўлмаслиги талаб этилади.
Янги низом тасдиқланса, у барча ташкилот, корхона ва фуқароларга тегишли бўлиб, улар меҳнат шартномаси асосида 18 ёшга тўлмаган ишчилар билан муносабатларда ушбу талабларга амал қилишлари шарт. Агар бунга риоя этилмаса, жавобгарлик белгиланиши кутилмоқда.