«Хавфсиз лифт» платформаси ишга тушди — энди ҳар бир лифт давлат назоратида

20.05.2025 11:15 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йил 1 майдан «Шаффоф қурилиш» тизимида «Хавфсиз лифт» электрон платформаси иш бошлади. Янги лифтлар фақатгина ушбу тизим орқали давлат рўйхатидан ўтказилганидан сўнг ишга туширилади.

Xavfsiz lift

Ўзбекистонда кўп квартирали уйлардаги лифтлар хавфсизлигини таъминлаш ва уларнинг техник ҳолатини назорат қилиш мақсадида «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими таркибида «Хавфсиз лифт» номли ягона идоралараро электрон платформа ишга туширилди. Бу ташаббус Президент топшириқлари ҳамда икки ҳукумат қарорига асосан амалга оширилмоқда.

Эндиликда янги қурилаётган кўп қаватли уйлардаги лифт ускуналари фақатгина «Хавфсиз лифт» тизими орқали давлат рўйхатидан ўтказилганидан сўнггина фойдаланишга топширилади. Акс ҳолда бинога фойдаланишга рухсат берилмайди.

Платформада иш жараёни шундай амалга ошади: буюртмачи тизимга кириб, лифтга оид барча зарур ҳужжатларни — сертификат, паспорт, хизмат кўрсатиш шартномаси ва бошқаларни юклайди. Ариза автоматик равишда Саноат, радиация ва ядровий хавфсизлик қўмитасининг ҳудудий бўлимига юборилади. Мутахассис лифт ўрнатилган жойда текширув ўтказиб, ускуна талабларга жавоб берса, «қабул қилиш»  тугмасини босади, акс ҳолда рад этилади.

Қабул қилинган лифтлар давлат рўйхатига киритилади ва буюртмачига QR-кодли маълумотнома юборилади. Бу код лифт кабинасида кўринадиган жойга илиниши шарт. Фойдаланувчи смартфон орқали сканер қилганда лифтга оид маълумотлар — унинг ўрнатилган йили, хизмат кўрсатувчи ташкилот, сўнгги техник кўрик натижалари каби маълумотлар намоён бўлади.

Бундан ташқари, платформада лифтларга хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг реестри юритилади. Унда компаниянинг лицензияси, амал қилиш муддати ва мутахассислар ҳақидаги маълумотлар акс этади. Келгусида бутун республика бўйлаб барча лифтларни ҳақиқий вақт режимида кузатиб бориш имкони яратилади.

Маълумотларга кўра, ҳозиргача 13 798 та лифт хатловдан ўтказилган. Уларнинг 2 001 тасини янгилаш, 382 тасини таъмирлаш зарурлиги аниқланган. Бу мақсадлар учун 854,6 млрд сўм ажратилиши кўзда тутилган.

Тизимнинг жорий этилиши орқали лифтлар техник ҳолатининг яхшиланиши, хавфсизликнинг ошиши ва замонавий диспетчерлик хизмати йўлга қўйилиши таъминланади.