49 ёшли Роберт Самуэл Ню Йоркда Same Ole Line Dudes номли компанияга асос солди. Унинг ходимлари соатига 25–37,5 доллар эвазига мижозлар учун навбатда туради. Ушбу бизнес 2013 йилда машҳур «кронат» пончиклари атрофидаги ажиотаждан бошланган ва ҳозирда 45 киши ишлайдиган тўлиқ хизмат кўрсатиш тизимига айланган. Улар суд ишларидан тортиб, Бродвей чипталари ва ресторанлар учун навбатда туради.
Ҳозирги кунда Самуэлнинг асосий даромадларидан бири Шон «Дидди» Комбсга оид суд жараёнидаги навбатлар ҳисобланади. Бу суд учун соатлик тўлов 32 долларни ташкил этмоқда. Мижозлар орасида New York Times ва Washington Post каби нашрлар ва блогерлар ҳам бор.
Same Ole Line Dudes хизмати 50 долларга икки соатлик минимал нархдан бошланади. Кейинги ҳар соат учун 25 доллар, ёмғир, қор ёки иссиқ ҳавода ишлаганда — ҳар соатга 3 доллар қўшимча ҳақ белгиланган. Тунги вақт (00:00–07:00) учун 15 доллар, шошилинч буюртмалар учун 20 доллар устама ундирилади. Янги йил ва «Supreme» каби маҳсулотлар чиқариладиган пайтларда эса хизмат ҳақи 1,5 баробарга оширилади.
Самуэл олдин AT&T компаниясида сотувчи бўлиб ишлаган. 2012 йилда у янги iPhone учун навбатда туриш хизмати ҳақида Craigslist’га эълон берган. Биринчи мижоз ундан воз кечгандан сўнг, у навбатдаги ўрнини бошқа одамга 100 га сотган ва бир кунда 300 доллар ишлаб топган.
Кейин у ижтимоий тармоқда саҳифалар очиб, бизнесни кенгайтирди. Айни вақтда Самуэл ва унинг жамоаси машҳур «кронат»лардан тортиб, Доналд Трампнинг суди ёки Беркашайр Ҳэтауэйнинг акциядорлар йиғилишигача бўлган турли тадбирлар учун навбатда туради.
Самуэлнинг фикрича, одамлар норозилик билдирган ҳар қандай ҳолат — янги бизнес ғояси учун имкониятдир. У ўз ишини ёқтиради, чунки оддий хизмат орқали бошқаларни хурсанд қилиш мумкинлигини айтади.