Марказий банк маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь–март ойларида аҳолига ажратилган кредит миқдори 34,9 трлн сўмга етди, бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 74 фоизга кўпдир. Бу кўрсаткич аҳолининг даромадлари ўсиши ва ипотека, микроқарз ҳамда микрокредитларга бўлган эҳтиёжнинг ортиши билан боғлиқ.
Микроқарзлар кредитларининг улуши 53,6 фоизни ташкил қилиб, 2,3 бараварга ошган. Микрокредитлар улуши 15,6 фоиз бўлиб, 1,9 бараварга кўпайган. Ипотека кредитлари эса 12,8% улушда бўлиб, 26,3 фоизга ўсиш қайд этилган. Автокредитлар улуши эса 10%га тушиб, 17,6 фоизга камайган.
Шунингдек, кредит карталари орқали ажратилган кредитлар 3,3 бараварга ошган. Бошқа турдаги кредитлар улуши 8 фоиз атрофида қолган.
Марказий банк таҳлилларига кўра, аҳолига ажратилган кредитларнинг шундай тез ўсиши келажакда уларнинг молиявий барқарорлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
2025 йил март ойида тижорат банклари томонидан миллий валютада ажратилган кредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаси йил бошига нисбатан 0,3% бандга пасайиб, 23,1%ни ташкил этди.
Чакана кредитлар сегментида фоиз ставкалари 1,3% бандга тушиб, 23% даражасига етди. Корпоратив кредитлар бўйича фоиз ставкаси эса бираз ошиб, 22,7%га кўтарилди.