2033 йилгача Ўзбекистонда ислом банклари активлари $2,4 миллиардга етади

21.05.2025 13:56 | 2 дақиқада ўқилади.

Евроосиё тараққиёт банки прогнозига кўра, Ўзбекистон исломий молия бозори бўйича Қозоғистондан кейинги ўринни эгаллаб, 2033 йилгача банк активларини сезиларли оширади.

Islom moliyasi

Евроосиё тараққиёт банкининг базавий сценарийсига асосан, 2033 йилга бориб Ўзбекистондаги ислом банклари активлари 2,4 миллиард долларга етади. Бу натижа мамлакатни Марказий Осиёда Қозоғистондан кейин иккинчи ўринга олиб чиқиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, исломий облигациялар сифатида тан олинган сукук активлари ҳажми шу даврга келиб 1,8 миллиард доллардан ошиши мумкин. Мутасаддилар бу ўсишни аҳоли сонининг кўпайиши ва исломий молияга бўлган қизиқишнинг ортаётгани билан изоҳламоқда.

2028 йилгача бутун Марказий Осиёдаги ислом банклари активлари 2,5 миллиард долларга, 2033 йилда эса 6,3 миллиард долларгача етиши тахмин қилинмоқда. Шу билан бирга, сукук активлари ҳам мос равишда 2,1 миллиард ва 5,6 миллиард долларгача кўпайиши кутилмоқда.

Ўзбекистонда тегишли ҳуқуқий база яратилгандан сўнг, 2028 йилга келиб ислом банклари активлари 1,1 миллиард долларга етиши мумкин. Сукук портфели ҳажми эса дастлаб 600 миллион долларга, кейин эса 1,9 миллиард долларгача кўтарилиши мумкин.

Мазкур ўсиш истиқболлари мамлакатда исломий молия тизимини босқичма-босқич жорий этиш ва ривожлантириш билан боғлиқ. Айни пайтда Ислом тараққиёт банки томонидан таълим соҳаси учун 19,2 миллион доллар ажратилгани ҳам ушбу соҳага бўлган халқаро эътиборни тасдиқлайди.