АҚШ разведкаси: Исроил Эронга ҳужум қилиши мумкин

21.05.2025 15:02 | 2 дақиқада ўқилади.

CNN маълумотларига кўра, АҚШ разведкаси сўнгги ойларда Исроил томонидан Эроннинг ядровий объектларига зарба бериш эҳтимоли анча ортиб кетганини қайд этмоқда. Бу нафақат сиёсий билдирувлар, балки ҳарбий ҳаракатлар ва разведка маълумотлари билан боғлиқ.

Eron

CNN телеканали 21 май куни АҚШ разведка манбаларидан олинган маълумотларга таянган ҳолда, Исроил томонидан Эрон ядровий объектларига нисбатан эҳтимолий ҳарбий зарба хавфи «анча сезиларли даражада» ортганини хабар қилди.

Бу хавотирга сабаб бўлаётган ҳолатлар қаторида Исроил расмийларининг очиқ ва ёпиқ форматдаги қатъий баёнотлари, шунингдек, АҚШ томонидан перехват қилинган маълумотлар ва ҳарбий ҳаракатлар кузатуви ҳам бор. Хусусан, учувчи қуролларнинг жойлаштирилиши ва якунланган ҳарбий машғулотлар шубҳаларни кучайтирган.

Шу билан бирга, CNN таъкидлашича, ушбу ҳаракатлар Исроил томонидан Эронга сиёсий босим ўтказиш учун амалга оширилаётган бўлиши ҳам мумкин. Айниқса, Эрон ядровий дастури бўйича АҚШ билан келишувга яқинлашган бир пайтда Исроилдаги норозилик бу хавфни янада кучайтирган.

CNN манбаларидан бири таъкидлашича, сўнгги ойларда зарба эҳтимоли жиддий даражада ортган. Аммо ҳозирча Исроил бу масала бўйича аниқ қарор қабул қилган-қилмагани номаълумлигича қолмоқда.

АҚШ расмийлари эса бундай зарба нафақат Доналд Трамп маъмурияти билан стратегик келишмовчиликка олиб келиши, балки бутун Яқин Шарқ минтақасида кенг кўламли зиддиятни келтириб чиқариши мумкинлигидан огоҳланмоқда.