Бирлашган Араб Амирликлари ташқи ишлар вазири Абдулла бин Зоид Ол Наҳаён ва Исроил ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Гидеон Саар ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтди. Унда томонлар БААдан Ғазо секторига гуманитар ёрдам етказиб бериш бўйича келишувга эришди.
Амирликларнинг расмий ахборот агентлиги WАМ хабарига кўра, ёрдам дастури дастлабки босқичда 15 минг нафар фаластинлик тинч аҳолини озиқ-овқат билан таъминлашни ўз ичига олади. Бу ташаббус Ғазо секторидаги мураккаб гуманитар вазиятни енгиллаштиришга қаратилган.
Бундан ташқари, БАА томонидан новвойхоналар учун хом ашё ҳамда чақалоқлар учун зарур маҳсулотларни етказиб бериш режалаштирилган. Бу жараёнларда икки давлатнинг мувофиқлашуви ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Келишув Ғазодаги инсонпарварлик инқирозини юмшатишга қаратилган бўлиб, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашга ҳам ҳисса қўшиши кутилмоқда.