Эрон Ислом Республикасининг Қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарувчилар уюшмасига аъзо «Fattahi Agricultural Machinery Manufacturing» компанияси вакиллари Сирдарё вилоятига ташриф буюрди. Делегация Мирзаобод ва Оқолтин туманларидаги ишлаб чиқариш ҳудудлари ва техник имкониятлар билан танишди.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад — қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқаришни маҳаллий даражада ташкил этиш бўлиб, делегация бу йўналишдаги шарт-шароитларни ўрганди. Шунингдек, меҳмонлар Оқолтин тумани ҳокими Ҳусниддин Сувонов билан учрашиб, лойиҳа атрофида музокаралар олиб боришди.
Учрашувда маҳаллий ҳокимият томонидан инвесторларга бир қатор қулайликлар — шоурум учун ер майдони, инфратузилмали ишлаб чиқариш ҳудудлари ва хорижий мутахассислар учун яшаш шароити каби имтиёзлар таклиф қилинди.
Ташриф якунида «Fattahi» компанияси раҳбари Беҳнам Фаттоҳий Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга жиддий қизиқиш билдирди. Унинг таъкидлашича, лойиҳа амалга ошса, маҳаллий иқтисодиётга туртки бериб, экспорт имкониятларини кенгайтириш ва доимий иш ўринлари яратишга хизмат қилади.
Шунингдек, Эрондаги «Ozod» хусусий университети билан ҳамкорликда ёшларни тажриба орттириш учун юбориш режаси ҳам муҳокама қилинди. Маҳаллий раҳбарият бу ташаббусни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.