Германия мудофаа вазири Борис Писториус Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкцияларининг 17-пакети қабул қилинганидан сўнг Москвага келаётган молиявий оқимларни тўхтатишни янада кучайтириш кераклигини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Россия ҳануз нефт ва газ экспортидан катта даромад олиб, урушни молиялаштирмоқда.
«Фақат шундагина Россиянинг вазиятини жиддий қийинлаштириш мумкин», — деди у Deutschlandfunk радиоси эфирида. У Украинага ҳарбий ёрдамни кучайтириш зарурлигини ҳам таъкидлади. Писториусга кўра, Украинада ҳарбий саноат қувватлари бор, аммо молиявий етишмовчилик улардан тўлиқ фойдаланишга тўсқинлик қиляпти. Германия бу бўшлиқни тўлдиришга тайёрлигини билдирди, деб ёзмоқда Deutsche Welle.
Трамп ва Путин ўртасидаги яқиндаги телефон суҳбати ҳақида фикр билдирган ГФР мудофаа вазири Трамп ўзининг Путинга таъсирини ортиқча баҳолаб юборганини таъкидлади.
«Аслида, ҳеч нарса содир бўлаётгани йўқ. Бу фақат янги вақт ва жой ҳақида гаплар, бу эса фақат Путинга ҳужумларни давом эттириш имконини бераяпти», — деди Писториус.
Европа Иттифоқининг 17-пакетдаги санкциялари доирасида Россиянинг нефт ташувчи «хуфиёна флоти»га қарши чекловларни кучайтирди. Шунингдек, санкцияларнинг 18-пакети устида ҳам иш бошланган. Писториус Вашингтоннинг ушбу чекловларга қўшилиши ҳали аниқ эмаслигини, музокаралар давом этаётганини маълум қилди.