Ўзбекистон ирригация лойиҳасига Жаҳон банкидан $200 млн кредит олади

21.05.2025 15:20 | 2 дақиқада ўқилади.

Жаҳон банки Ўзбекистонда сув хўжалигини ривожлантиришга қаратилган янги лойиҳа учун $200 миллион имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади. Ҳукумат томонидан қўшимча $23,2 миллион маблағ йўналтирилади.

Irrigatsiya

Жаҳон банкининг расмий маълумотига кўра, Ўзбекистонда ирригация инфратузилмасини модернизация қилиш лойиҳаси учун $200 миллион имтиёзли кредит ажратилади. Ушбу ташаббусга Ўзбекистон ҳукумати ҳам $23,2 миллионлик қўшимча маблағ ажратади.

Лойиҳа Сув хўжалиги вазирлиги томонидан амалга оширилади. Унинг асосий ҳудудлари сифатида Қорақалпоғистон, Бухоро, Қашқадарё, Наманган ва Сурхондарё вилоятлари белгиланган.

Лойиҳа доирасида саккизта йирик магистрал канал (умумий 259 км) бетонлаштирилади, уларнинг шакли ва баландлиги ўзгартирилади. Бу сувни эркин оқимда етказиб бериш имконини яратади. Шунингдек, 470 га яқин гидротехник иншоотлар барпо этилади.

Сув сарфини аниқ назорат қилиш мақсадида махсус регуляторлар ва масофавий бошқарув тизими (SCADA) ўрнатилади. Бу тизим орқали диспетчерлик назорати ва маълумотларни йиғиш имкони таъминланади.

Лойиҳа натижасида 232 минг гектар ерда суғориш хизматлари яхшиланади. 180 минг нафар сув фойдаланувчи, жумладан 80 минг аёл, барқарор суғориш имкониятига эга бўлади. Ҳар йили 540 миллион куб метр сув ва 165 миллион киловатт-соат электр энергияси тежалиши кутилмоқда.