Жазирамада қон қуюқлашиши — инсулт ва инфаркт хавфини оширади

21.05.2025 13:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Иссиқ об-ҳаво организмда сувсизланишга олиб келиб, қон таркибидаги мувозанатни бузиши мумкин. Бу ҳолат қон қуюқлашишига сабаб бўлиб, тромб ҳосил бўлиши орқали инсульт ва инфаркт каби оғир касалликларга йўл очиши мумкин.

Insult

Ўзбекистонда ёз фасли ҳали расман бошланмаган бўлса-да, жазирама кунлар аллақачон бошланди. Табиийки, бундай ҳаво сурункали касалликлари бор фуқаролар учун хавфли бўлиб, қон таркибидаги ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин.

Тошкент шаҳар тиббий маслаҳат диагностика маркази директори Орифжон Ариповнинг таъкидлашича, қон организмда кислород ва озуқа моддаларини ташиш билан бирга, ички аъзолар фаолиятида иштирок этади. Қоннинг қуюқлашиши эса бу жараёнларга тўсиқ бўлади.

Мутахассислар таъкидлашича, қоннинг қуюқлашиши турли сабабларга, жумладан, кам суюқлик ичиш, иссиқ ҳаво, қандли диабет, стресс ва носоғлом овқатланишга боғлиқ. Бу ҳолат томирларда қон айланишига тўсиқ бўлиб, тромбоз, инсулт ва инфарктга олиб келиши мумкин.

Қон қуюқлашганида инсонда бош оғриғи, ҳолсизлик, тез чарчаш, оғиз қуриши, хотира сусайиши, жиззакилик ва ҳатто ҳушдан кетиш кузатилиши мумкин. Айрим ҳолатларда тананинг турли қисмларида кўкаришлар ҳам кузатилади.

Мутасаддилар иссиқ кунларда етарли миқдорда тоза сув ичиш, газли ичимликлардан воз кечиш, ҳолат ёмонлашса тиббий текширувдан ўтишни тавсия қилмоқда. Шунингдек, қонни суюлтирувчи дори воситаларини шифокор тавсиясисиз қабул қилиш мумкин эмас. Акс ҳолда бу ортиқча қон кетиш хавфига олиб келади.