Корея Республикаси ҳукумати Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси билан ҳамкорликда 2025–2028 йилларга мўлжалланган «Статистика салоҳиятини ошириш» лойиҳасини амалга оширишни бошлади. Ушбу ташаббус Кореянинг расмий ривожланишга ёрдам (ODA) дастури доирасида амалга оширилиб, 3,8 млн АҚШ доллари миқдорида грант ажратилади.
Лойиҳа мамлакатимизда статистика тизимини рақамлаштириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва халқаро стандартларга мослаштиришни кўзда тутади. Айни пайтда Корея статистика идораси вакиллари Тошкентда бўлиб, ҳамкорликнинг техник жиҳатларини муҳокама қилмоқда.
Кадрлар салоҳиятини ошириш муҳим йўналиш сифатида белгиланиб, Ўзбекистон ва Кореяда ўқув курслари ташкил этилади. Статистик тадқиқотлар институтида компьютер ва аудио жиҳозлар билан таъминланган ўқув хоналари ташкил этилади.
Лойиҳа доирасида CATI — компьютер ёрдамида телефон орқали интервью ўтказиш тизими жорий қилиниб, танланма кузатувларни аниқ ва тезкор амалга оширишга замин яратади. Маъмурий маълумотлар базаларини бошқариш тизими ва давлат органлари ўртасида маълумот алмашишни таъминловчи механизмлар яратилади.