Москвада муҳожирлар геолокация орқали назорат қилинади

21.05.2025 14:20 | 2 дақиқада ўқилади.

2025 йил 1-сентябрдан бошлаб Москва ва унинг атрофидаги меҳнат муҳожирлари махсус мобил илова орқали ўз жойлашувини Россия ички ишлар органлари билан мажбурий тарзда бўлишиши керак бўлади. Янги қонун тўрт йиллик эксперимент доирасида жорий этилмоқда ва унга амал қилмаганларга Россия ҳудудида бўлиш тақиқланиши мумкин.

Moskva

Россия Давлат Думаси 20 май куни меҳнат муҳожирлари ва 90 кундан ортиқ вақт давомида Москва ёки Москва вилоятида бўлиб турган хорижликларга геолокация бўйича кузатув ўрнатишни талаб қилувчи қонунни қабул қилди. Унга кўра, муҳожирлар махсус мобил дастурни ўрнатиб, жойлашув маълумотларини доимий равишда давлат органлари билан бўлишишлари керак.

Агар мигрант уч кун ичида геолокация маълумотларини тақдим этмаса, у назорат остидаги шахслар рўйхатига киритилади ва унинг Россияда бўлиш ҳуқуқи бекор қилиниши мумкин. Қонун дипломатлар, уларнинг оила аъзолари ва Беларус фуқароларидан ташқари барчага тааллуқли ҳисобланади.

Қонун дастлаб муҳожирларга битта патент билан икки ҳудудда ишлашга рухсат бериш ҳақида бўлган, бироқ кейинги ўқишларда у геолокация бўйича қатъий кузатув талаблари билан тўлдирилди. Тажриба 2029 йилгача амал қилади ва самарали деб топилса, мамлакатнинг бошқа ҳудудларига ҳам татбиқ қилиниши мумкин.

Бу қарор Россияда меҳнат миграциясига нисбатан сиёсий ёндашувнинг кескин ўзгариши фонида қабул қилинди. Сўнгги вақтларда полиция рейдлари кучайтирилди, миграция қоидаларини бузганликда айбланган мансабдорларга жиноий ишлар очилди ва мактаблар рус тилини билмайдиган муҳожир болаларни қабул қилишдан бош тортмоқда.