Россия демография статистикасини яширмоқда

21.05.2025 10:45 | 2 дақиқада ўқилади.

Россияда демографик инқироз янада чуқурлашмоқда: 2025 йилнинг биринчи чорагида туғилишлар сони 288,8 минггача пасайиб, сўнгги 200 йил ичидаги энг паст кўрсаткичга тушди. Бу ҳолат фонида Росстат март ойидан бошлаб туғилиш, ўлим, никоҳ ва ажралишлар бўйича ойлик ва минтақавий маълумотларни эълон қилишни тўхтатди. Ҳозирда фақат йил бошидан жамланган умумий рақамлар тақдим этилмоқда .

Rossiya

2024 йилда мамлакатда 1,222 млн чақалоқ туғилган бўлиб, бу 1999 йилдан бери энг паст даража ҳисобланади. 2023 йилга нисбатан туғилишлар 3,4 фоизга, 2014 йилга нисбатан эса 30 фоиздан ортиққа камайган. Шу билан бирга, ўтган йилда аҳоли сони 596,2 минг кишига камайиб, ўртача ойига 50 минг, кунига 1,6 минг киши йўқотилган.

Президент Владимир Путин 2018 йилда «Демография» миллий лойиҳаси доирасида 6 йил ичида аҳоли сонининг камайишини тўхтатишни мақсад қилган эди. Бироқ, 2018–2023 йиллар орасида ўлимлар сони туғилишлардан 3,4 млн кишига кўп бўлиб, аҳоли табиий камайиши янада тезлашди. 2024 йилда Путин 2030 йилгача табиий камайишни тўхтатиш мақсадини қайта белгилади.

Демограф Алексей Ракша Росстатнинг маълумотларни яширишини ҳукуматнинг демографик инқирозга нисбатан «ноадекват реакцияси» деб баҳолади. Унинг таъкидлашича, бу вазият Россияда демографик сиёсат самарасизлигини кўрсатади.

Россия демография муаммосини четдан мигрант қабул қилиш орқали ҳал қилишга уринмоқда.