Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 21 май куни Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитида иштирок этди. Саммит Венгрия Бош вазири Виктор Орбан раислигида ўтди. Унда Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия етакчилари ҳамда ТДТ Бош котиби қатнашди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.
Президентимиз ўз чиқишида жаҳондаги мураккаб геосиёсий вазият, минтақавий низолар ва иқлим ўзгаришлари фонида туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади. У халқаро ҳуқуқ ва БМТ Низомига асосланган ягона ёндашувни шакллантиришни таклиф этди.
Шавкат Мирзиёев сиёсий, иқтисодий, инвестициявий ва логистика соҳаларида қатор ташаббуслар билан чиқди. У ТДТ доирасида стратегик шериклик шартномаси имзоланишини долзарб деб ҳисоблади. Савдо айланмасида ўзаро улушни ошириш учун «Турк-трейд» платформасини яратиш ва «яшил йўлаклар» тизимини жорий этиш таклиф қилинди.
Тошкентда мультимодал транспорт ва логистика форуми, шунингдек Туркий давлатлар университети очилиши режалаштирилгани маълум қилинди. Президент иқлим масалалари бўйича «йўл харитаси»ни тайёрлаш ҳамда ТУРКСОЙ фаолиятини такомиллаштиришни таклиф этди.