Сурхондарё вилоятида етиштирилаётган қовунлар таркибида меъёридан ортиқча нитрат мавжудлиги ва бу сабаб одамлар заҳарланаётгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар асосга эга эмас. Бу ҳақда вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси маълум қилди.
Маълумотларга кўра, воҳадаги барча деҳқон ва озиқ-овқат бозорларида сотилаётган полиз маҳсулотлари, жумладан қовунлар махсус ветеринария-санитария лабораторияларида текширувдан ўтказилади. Нитрат миқдори санитария меъёрларига мос келган тақдирдагина уларга савдога чиқишга рухсат берилади.
Бошқарма маълумотига кўра, ҳозиргача ҳеч қайси тиббиёт муассасасига қовун истеъмоли билан боғлиқ заҳарланиш ҳолати билан мурожаат қилинмаган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолардаги қовун навлари эса Сурхондарёда етиштириладиган маҳсулотларга алоқаси йўқ.
Мутасаддилар аҳолидан ижтимоий тармоқлардаги норасмий, тасдиқланмаган маълумотларга ишонмасликни, барча маълумотларни фақат расмий манбалар орқали олишни сўрамоқда. Тарқалган видеолар ҳақиқатга зид бўлиб, уларда келтирилган маълумотлар ёлғон экани таъкидланмоқда.