Токиода ёзда сув учун тўловлар олинмайди

21.05.2025 11:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Токио ҳукумати бу ёзда кутилган юқори ҳароратларга қарши курашиш мақсадида аҳолининг асосий сув тўловларини тўрт ой давомида тўлиқ қоплашга қарор қилди. Бу орқали одамларни кондиционердан фойдаланишга рағбатлантириш кўзда тутилган.

Ttokio

Токио шаҳрида бу ёзда аҳоли учун асосий сув тўловлари бекор қилинади. Токио метрополияси ҳукумати ушбу чора орқали кутилган юқори ҳароратларнинг салбий таъсирини юмшатишни мақсад қилган.

Маҳаллий ҳукумат ушбу мақсад учун 36 миллиард иена (тахминан 250 миллион доллар) маблағ ажратган. Лойиҳа тўрт ой давом этади ва бу даврда аҳолидан сувнинг асосий тарифлари ундирилмайди. Губернатор Юрико Коикенинг таъкидлашича, «ҳар қандай иссиқда ҳам токиоликлар тинч ҳаёт кечиришини таъминлаш керак» .

Расмий маълумотларга кўра, ўтган ёзда Токиода иссиқ ўтгани сабабли 263 киши ҳаётдан кўз юмган. Кўп ҳолларда жабрланувчилар кондиционерга эга бўлса ҳам, юқори харажатлардан қўрқиб ундан фойдаланмаган.

Токио ёнғин хизмати маълумотига кўра, ўтган ёзда ёпиқ биноларда иссиқ ўтган ҳолатлардаги ўлимларнинг 60 фоизида кондиционер ишлатилмаган. Шу боис, ҳукумат сув тўловларини енгиллаштириб, одамларни кондиционер ва бошқа совитиш усулларидан фойдаланишга рағбатлантирмоқда.

Токиода 7 миллиондан ортиқ хонадон ва 14 миллионга яқин аҳоли яшайди. Мамлакат ўтган йили ўз тарихидаги энг иссиқ ёзни бошдан кечирди. Июн-сентябр ойларида 8 мингга яқин киши иссиқ сабабли касалхонага ётқизилган, уларнинг аксарияти кекса инсонлар экани қайд этилган.