Трамп 175 млрд долларлик ракетадан ҳимоя тизимини тақдим этди

21.05.2025 13:45 | 2 дақиқада ўқилади.

АҚШ президенти Доналд Трамп «Золотой купол» номли янги ракетага қарши ҳимоя тизимини тақдим этди. Ушбу лойиҳа 175 млрд долларга баҳоланмоқда ва юзлаб сунъий йўлдошлар орқали ракеталарни аниқлаш ва йўқ қилишни кўзда тутади.

Tramp

20 май куни Доналд Трамп Оқ уйда ўтказган матбуот анжуманида «Олтин гумбаз» деб номланган янги ракетага қарши ҳимоя тизими лойиҳасини эълон қилди. Ушбу тизим юзлаб сунъий йўлдошлардан иборат бўлиб, ҳужумчи ракеталарни эрта аниқлаш, кузатиш ва йўқ қилиш имконини бериши режалаштирилган.

Трампнинг айтишича, Канада ҳам лойиҳада иштирок этишдан манфаатдор. У, шунингдек, лойиҳа ўз президентлик муддати якунланадиган 2029 йил январигача тўлиқ амалга оширилишини таъкидлади.

Бироқ мутахассислар бу режаларнинг амалга ошишига шубҳа билан қарамоқда. Reuters агентлигига кўра, Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази ходими Том Карако ушбу миқёсдаги тизимни яратишга камида 10 йил керак бўлишини айтган. Конгресснинг бюджет бошқармаси эса 20 йиллик харажатни тахминан 831 млрд доллар деб баҳолаган.

Лойиҳанинг яна бир баҳсли жиҳати шундаки, унинг асосий техника қисмларини ишлаб чиқишда Трампнинг сиёсий иттифоқдоши Илoн Маскка тегишли SpaceX компанияси иштирок этиши мумкин. Бу ҳолат демократлар орасида танқид ва хавотир уйғотмоқда.

Трампнинг «Олтин гумбаз» ғояси Исроилнинг машҳур «Темир гумбаз» ракетага қарши ҳимоя тизимидан илҳомланиб яратилган. У 2025 йил январ ойида бу лойиҳа бўйича расмий фармонни имзолаган эди.