Украина Европадан Россия нефти учун нарх чегарасини 30 долларга туширишни сўради

21.05.2025 08:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Украина ташқи ишлар вазири Андрий Сибига Европа Иттифоқини Россияга қарши иқтисодий босимни кучайтиришга, жумладан, Россия нефтига белгиланган нарх чегарасини 30 долларгача пасайтиришга чақирди.

Sibiha

Андрей Сибига Брюсселдаги Евроиттифоқ ташқи ишлар вазирлари йиғилиши олдидан берган баёнотида санкцияларнинг 17-пакети билан чекланмасдан, Россия нефти учун юқори чегарани 30 долларгача тушириш лозимлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу Кремлни молиявий жиҳатдан чеклашда муҳим қадам бўлади.

Сибига Россия президенти Владимир Путин ҳали ҳам урушни давом эттираётгани ва уни тўхтатиш ниятида эмаслигини айтди. У Европа дипломатияси тўлиқ сафарбар қилинишини, фақат шундай йўл билан Россия тажовузи чекланиши ва тинчлик тикланишини билдирди.

Россия нефтига бўлган нарх чегарасини пасайтириш ташаббуси билан Европа Комиссияси вице-президенти Валдис Домбровскис ҳам чиққан. У G7 давлатлари молия вазирлари йиғилишида чегарани расман қайта кўриб чиқишни таклиф қилишини айтган. Ҳозирдаги 60 долларлик чегарани 50 долларга тушириш варианти муҳокама қилинмоқда.

20 май куни Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларнинг 17-пакетини расман қабул қилди. Унга кўра, Россиянинг 200 га яқин нефт танкерлари, «Сургутнефтегаз», ВСК суғурта компанияси ва ҳарбий дронлар ишлаб чиқарувчи марказга чекловлар жорий этилди.

Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен яқин кунларда санкцияларнинг 18-пакет «Шимолий оқим» газ ҳайдаш қувури ва нефт нархи масаласи ҳам кўзда тутилишини маълум қилди. У Путинни «тинчликни истамайди», деб атади ва босимни кучайтириш кераклигини таъкидлади.

Британия ҳам Россияга нисбатан янги санкциялар жорий этди. Уларга «АСВ», Санкт-Петербург валюта биржаси, «МТ-Системс» компанияси ва Россиянинг «хуфиёна флоти»га тааллуқли 18 та кема киритилган.