Хитойдан АҚШга смартфон экспорти 2011 йилдан буён энг қуйи даражага тушди

21.05.2025 08:45 | 2 дақиқада ўқилади.

АҚШ ва Хитой ўртасидаги тарифлар муаммоси ортидан апрел ойида Хитойдан АҚШга смартфонлар экспорти 72 фоизга қисқарди. Бу кўрсаткич 2011 йилдан бери кузатилган энг паст даража бўлди.

China smartphone

Хитой Бош божхона бошқармаси маълумотларига кўра, смартфон экспорти 700 млн доллардан кам бўлган. Мутахассислар бу ҳолатни Вашингтоннинг бож сиёсати орқали технологик етказиб бериш занжирларига аралашуви деб баҳоламоқда.

Умуман, апрел ойида Хитойнинг АҚШга жами экспорти 21 фоизга камайган. Айни пайтда, 14 майдан бошлаб икки давлат ўзаро тарифларни 90 кунга туширишга келишди. АҚШ божларни 30 фоизга, Хитой эса 10 фоизгача пасайтирди. Бунгача тарифлар мос равишда 145 фоиз ва 125 фоиз бўлган.

Бироқ, бу вақтинчалик келишувга қарамай, икки томонлама қарама-қаршилик сақланиб қолмоқда. Хитой АҚШ савдо вазирлигининг Huawei СИ-чипларига оид баёнотини Женева музокараларини бузиш сифатида баҳолади.

Сармоядорлар АҚШ ва Хитой ўртасидаги икки томонлама савдо ҳажми 2024 йилда 690 млрд долларни ташкил этганини, аммо яқинда у пасайиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Бу эса саноатга зарар етказиб, истеъмолчилар учун нархлар ўсишига олиб келиши мумкин.

Смартфонлар, ноутбуклар ва литий-ионли аккумуляторлар ўтган йили АҚШнинг Хитойдан энг кўп олиб кирилган маҳсулотлари қаторида бўлган.