2025 йилнинг январ–апреь ойларида Ўзбекистон табиий газ экспорти бўйича импортдан ошиб кетди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ушбу даврда газ импорти 150,5 млн долларни ташкил этди, бу ўтган йилга нисбатан уч баробарга кам.
Январда импорт ҳажми 27,8 млн доллар бўлса, мартга келиб 2,7 млн долларгача тушди. Апрел ойида эса кескин ўсиб, 112 млн долларга етди. Бу газ ҳажмининг асосан Туркманистон ва Россиядан келаётгани билан боғлиқ.
Газ экспортида эса Хитой етакчи ҳамкор сифатида ажралиб турибди. Январ–апрелда Хитойга 199,7 млн долларлик газ экспорт қилинди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 85 фоизга кўп. Биргина апрел ойида экспорт 105,4 млн долларни ташкил этди. Хитой божхона маълумотларига кўра, Ўзбекистондан импорт ҳажми 143 млн доллар бўлган, бу ҳам ўтган йилга нисбатан икки баробардан кўп.
Апрелда ички газ қазиб олиш ҳам яхшиланди: 3,69 млрд метр куб газ чиқарилди, бу ўтган йилга нисбатан 13,1 млн метр кубга кўпроқ. GTL заводи тўлиқ ишга тушгани дизел ишлаб чиқариш ҳажми 143,5 минг тоннага етди. Электр энергияси ишлаб чиқариш 7,37 млрд kWh гача кўпайди.
Шу билан бирга, нефть, газ конденсати ва бензин ишлаб чиқаришда пасайиш кузатилмоқда. Саноат ишлаб чиқариш суръати секинлашди. Сирдарё эса салбий ўсиш қайд этилган ягона ҳудуд бўлиб қолмоқда.